Исога илк эргашувчилар Унинг инсон қиёфасидаги Худо эканлигига бутунлай амин бўлганлар. Павлус: “Исо Масиҳ кўринмас Худонинг инъикосидир. Худо бутун камолотни Унда жо қилишни хуш кўрди”,- дейди. Юҳанно эса Исо бутун борлиқни яратгани ҳақида гапиради. Бутрус:  “Гуноҳларингиз кечирилиши учун ҳар бирингиз Унинг номига имон келтиришингиз керак”, - дейди .
Лекин Исо Ўзи ҳақида нима деган? У Ўзини ҳеч Худога тенглаштирганми? Инжилга кўра...худди шундай! Қуйида Унинг ердаги ҳаёти вақтида шу ҳақда айтганларидан баъзилари ўша вазиятлар билан бирга келтирилган:

Исо – Худоми? У Ўзининг Худо эканлигини қандай изҳор қилди? - Сен ҳали эллик ёшга тўлганинг йўғу, Иброҳимни ҳам кўрибсан-а?! – дейишди яҳудийлар Унга. Исо уларга : “Сизларга ростини айтай: Иброҳим вужудга келмасидан олдин Мен бор эдим”, - деди. Шунда Исога отиш учун тош олдилар. Лекин Исо улардан чекиниб, маъбаддан ташқарига чиқди (Юҳанно 8:57-59).

 “Мен ва Отам – бирмиз”. Шунда яҳудий дин арбоблари Исони тошбўрон қилмоқчи бўлиб, тош ола бошладилар. Мен сизларга Отамнинг номидан кўп хайрли ишлар кўрсатдим, уларнинг қайси бири учун Мени тошбўрон қилмоқчисизлар?, - сўради Исо. Яҳудий дин арбоблари Унга жавобан: “Сени хайрли ишинг учун эмас, балки куфрлигинг учун тошбўрон қилмоқчимиз. Сен одам бўла туриб Ўзингни Худо деяпсан!”, – дейишди (Юҳанно 10:30-33).

Исо хитоб қилиб деди: “Менга ишонган одам Менга эмас, балки Мени Юборганга ишонган бўлади. Мени кўрган одам Мени Юборганни кўрган бўлади. Менга ишонган ҳар бир киши зулматда қолмасин, деб Мен дунёга нур бўлиб келганман” (Юҳанно 12:44-46).

Шогирдларининг оёқларини ювиб бўлгач, Исо тағин уст кийимини кийиб, ёнбошлади. Шогирдларига айтди: “Мен сизларга нима қилганимни англадингларми? Сизлар Мени Устозимиз ва Раббимиз деб атайсизлар ва тўғри қиласизлар, чунки Мен худди шундайман. Шундай қилиб, агар Мен Раббингиз ва Устозингиз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизнинг оёқларингизни ювишингиз қарздир” (Юҳанно 13:12-14).

Исо унга деди: ”Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди. Агар Мени билсангиз, Отамни ҳам биласизлар. Бундан бўён Уни биласизлар, Уни кўргансизлар”. Филип Исога деди: “Раббий, бизларга Отани кўрсат, шу биз учун етарли!”

  - Филип, - деди унга Исо, - Мен шунча вақтдан бери сизлар билан биргаман-у, Мени танимайсанми? Мени кўрган Отамни кўрган бўлади. Энди сен қандай қилиб,  “Отани бизларга кўрсат”, деяпсан?” (Юҳанно 14:6-9)

Исо – Худоми? У Ўзини қандай тасвирлайди? Исо уларга деди: ”Сизларга ростини айтсам, сизларга осмондан нон берган Мусо пайғамбар эмас. Осмондан тушган ҳақиқий нонни сизларга Менинг Отам беради. Худо берган нон осмондан тушувчи ва дунёга ҳаёт бағишловчи нондир”.  Бунга қарши халқ: “Ҳазрат, бундай нонни бизга доимо бериб тургин!” – деди Исога. Исо шундай айтди: “Мен ҳаёт нониман. Менинг ёнимга келган одам сира оч қолмас, Менга ишонган одам ҳеч қачон чанқамас” (Юҳанно 6:32-35).

Исо яна халққа хитоб қилди: “Мен оламниг нуриман. Кимки Менга эргашса, зулматда юрмайди, балки ҳаёт нурига эга бўлади”. Исонинг сўзига қарши фарзийлар: “Сен Ўзингга Ўзинг шоҳидлик беряпсан. Сенинг шоҳидлигинг ҳақиқат эмас”, - дейишди. Исо шундай жавоб берди: “Мен Ўзимга Ўзим шоҳидлик берсам ҳам, тўғри шоҳидлик бераман. Чунки Мен қаердан келиб, қаерга кетаётганимни биламан. Сизлар эса Менинг қаердан келиб, қаерга кетаётганимни билмайсизлар” (Юҳанно 8:12-14).

Шу сабабли Исо яна гап олди: “Сизларга ростини айтай: Мен қўйларнинг эшигиман. Мендан илгари ўтганларнинг ҳаммаси ўғри ва босқинчи эдилар. Лекин қўйлар уларга қулоқ солмадилар. Мен эшикман. Ким Мен орқали кирса, нажот топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади. Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман. Мен яхши чўпонман. Яхши чўпон қўйлари учун жонини бағишлайди” (Юҳанно 10:7-11).

 -  Ҳазрат! – деди Марта Исога. – Агар Сен бу ерда бўлганингда эди, менинг акам ўлмас эди. Аммо ҳозир биламан, Сен Худодан нима сўрасанг, Худо Сенга беради. – Сенинг аканг тирилади, - деди Исо.  – Биламан , қиёматда, охиратда тирилади, - деди Марта. Исо унга деди: - Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди. Кимда-ким Менга ишониб яшаса, то абад ўлмайди. Бунга ишонасанми? – Ҳа, Раббим, - деди Марта, --Сен оламга келадиган Масиҳ, Худонинг Ўғлисан, деб ишонаман (Юҳанно 11:21-27).

Исо – Худоми? У ерга нима қилиш учун юборилганман деган? Исо эса уларни ёнига, чақириб деди: “Биласизларки, дунё халқлари устидан салтанатли подшоҳлар бор, эл устидан отабеклар ҳокимлик қилади. Аммо сизнинг орангизда бундайлар бўлмасин. Орангизда ким катта бўлишни истаса, сизга хизматкор бўлсин. Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, сизга қул бўлсин. Зеро Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган” (Матто 20:25-28).

У шогирдларига таълим бериб, шундай деди: “Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади. Уни ўлдиришади, ўлдиришгандан уч кун кейин эса У қайта тирилади”. Шогирдлар эса бу сўзларни тушунмасалар-да, аммо Ундан сўрашга ҳам ботина олмадилар (Марк 9:31,32).

 “Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар  бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин. Худо оламни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Ўғлини дунёга юборди. Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди. Унга ишонмаган одам эса аллақачон маҳкум бўлган, чунки Худонинг ягона Ўғли исмига ишонмаган” (Юҳанно 3:16-18).

 “Отам кимни Менга берган бўлса, Менинг олдимга келади. Олдимга келган одамни эса сира қувиб чиқармайман. Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини адо этиш учун осмондан тушганман. Мени юборганнинг иродаси – Унинг Менга берганларидан ҳеч бирини йўқотмаслигим, балки охирги кунда уларнинг ҳар бирини тирилтиришимдир. Отамнинг иродаси яна шуки, Унинг Ўғлини кўрган, Унга ишонган ҳар бир киши абадий ҳаётга эга бўлсин. Мен эса бундайларни охирги кунда тирилтираман” (Юҳанно 6:37-40).

Ҳали ҳам Исо Худоми ёки йўқми деб ажабланяпсизми? Исонинг сўзларини ва У нима учун келганлигини тушуниш учун шу сайтдан Инжилнингҳанно" қисмини очиб ўқинг.

 
Худо ташаббусни қўлга олиб Ўзини бизга очмагунча Унинг борлигини ва қанақалигини билиш биз учун имконсиз.

Биз Унинг қанақалигини ва бизга нисбатан муносабатини билишимиз шарт. Тасаввур қилайлик, биз Уни бор, лекин Адольф Гитлер каби инжиқ, адолатсиз ва ёвуз деб билсак, бу қанчалик даҳшатли тасаввур бўлган бўларди.

Тарихни варақлаб Худонинг берган очиқликларига калит қидирамиз. Ва бир аниқ калитни топамиз. Фаластиннинг  қайсидир бир қишлоғида чамаси 2000 йил илгари оғилхонада бир Чақалоқ туғилди. Бугунгача бутун дунё ўша туғилган Чақалоқ – Исонинг туғилган кунини нишонлаб келади.

У ўттиз ёшга тўлганида ердаги хизматини бошлади ва бу уч йил давом этиб, тарих йўлини ўзгартириб юборди. У меҳрибон инсон бўлган ва одамлар Уни қувонч билан тинглар эди. “Чунки Исо уларга уламолар ва фарзийлар каби эмас, балки  қудратли куч эгасидай таъсирчан таълим берар эди” (Матто 7:29).

Исо Масиҳнинг ҳаёти. Исо – Худонинг Руҳий Ўғли Тез орада очиқ равшан бўлдики, У Ўзи ҳақида ҳаммани ҳайрон қолдирадиган ва ваҳимага соладиган гапларни гапирар эди. У Ўзи ҳақида пайғамбар ва ўқитувчилардан ҳам юқорироқ – Худонинг Ўғли эканини очиқ  айтарди. У Ўзининг кимлигини Ўз таълимотларининг марказида тутарди. У Ўзининг орқасидан эргашувчиларга шундай энг муҳим саволни берди: “ Сизлар-чи, Мени ким деб ҳисоблайсизлар?”  Шогирди Бутрус: “Сен барҳаёт Худонинг Ўғли – Масиҳсан!” (Матто 16:15,16), деб жавоб берганида, Исо ҳайрон бўлмади, Бутрусни койимади ҳам. Аксинча, уни мақтади.

У буни аниқ-равшан айтар, Уни тингловчилар эса Унинг гапларидан қаттиқ таъсирланишар эди. Ёзилганки, “Ана шу сўзи учун яҳудийлар Исони ўлдиришга яна кўпроқ ҳаракат қилишди. Чунки У дам олиш кунини бузибгина қолмай, балки Худони Отам деб, Ўзини Худо билан тенглаштирган эди” (Юҳанно 5:18).

Яна бошқа бир сафар эса У шундай деган: “Мен ва Отам – бирмиз”. Шунда яҳудий дин арбоблари яна Исони тошбўрон қилмоқчи бўлиб, тош ола бошладилар. Мен Отамнинг номидан кўп хайрли ишлар кўрсатдим, уларнинг қайси бири учун Мени тошбўрон қилмоқчисизлар?, - деб Исо сўраганида, улар Исога жавобан: “Сени хайрли ишинг учун эмас, балки куфрлигинг учун тошбўрон қилмоқчимиз. Сен одам бўла туриб Ўзингни Худо деяпсан!” – дейишди (Юҳанно 10:30-33).

Исо Ёлғиз Худога хос бўлган хусусиятларни  намоён қилди. Халқ кўплигидан Исога яқинлашиш имкони бўлмай,  бир шол одамни Исо уни даволасин деб, томдан туширишганида, Исо унга: ”Болам, гуноҳларинг кечирилди”, - деди (Марк2:5). Бу эса ўша ерда ўтирган уламолар ўртасида катта ғавғо бошланишига сабаб бўлди. Улар ўзларича: ”Нега У бундай шаккоклик қиляпти? Гуноҳларни ёлғиз Худодан бошқа ким ҳам кечира олади?” – деб ўйлар эдилар (Марк2:7).

Унинг ҳаёти қил устида турган бир вақтда олий руҳоний Ундан тўғридан тўғри сўради: “Муборак Худонинг Ўғли – Масиҳ Сенмисан?”

Исо: “Мен Ўшаман, ва сиз Инсон Ўғлини қодир Тангрининг ўнг томонида ўтириб, осмон булутлари билан келаётганини кўрасизлар” – деди.

Шунда олий руҳоний ўз кийимларини йиртиб: “Бизларга яна гувоҳларнинг нима кераги бор? Куфр кетганини ўзларингиз эшитдингизлар. Бунга нима дейсиз?” – деди (Марк 1:61-6).

Исонинг Худо билан алоқаси шунчалик яқин эдики,  У инсонларнинг Ўзига нисбатан муносабатини Худога нисбатан муносабат билан тенглаштирди. Шундай экан, Уни билиш  Худони билишдир (Юҳанно 8:19; 14:7). Уни кўриш Худони кўришдир (Юҳанно12:45; 14:9). Унга ишониш Худога ишонишдир (Юҳанно 12:44; 14:1). Уни қабул қилиш Худони қабул қилишдир (Марк 9:37). Ундан нафратланиш Худодан нафратланишдир (Юҳанно 15:23). Уни улуғлаш эса Худони улуғлашдир (Юҳанно 5:23).

Исо Масиҳ ҳақиқатан Худонинг Ўғлими? Масиҳнинг барча таъкидлаганларига қараб, Унинг аслида ким бўлиши мумкинлиги ҳақида фақат тўртта вариантни кўришимиз мумкин. У ёки ёлғончи, ёки жинни, ёки бир афсона, ёки Ҳақиқат бўлиши керак. Агар биз Уни Ҳақиқат эмас дейдиган бўлсак, унда тўғридан-тўғри қолган учта вариантнинг бирига келиб тўхталамиз.

(1) Эҳтимол У ёлғончи бўлган. У Худо эмаслигини била туриб,  тингловчилари орасида Ўз обрўсини ошириш учун атайлабдан уларни Мен Худоман деб алдаган. Жуда камчилик, агар шу ҳам бор бўлса, бу вариантга қўшилади. Ҳатто Унинг илоҳийлигини рад этувчилар ҳам У юксак ахлоқли устоз эканини тасдиқлайди. Бироқ улар бу икки фикр бир-бирига қарама-қарши эканини тушунмайдилар. Наҳотки Исо Ўз таълимотларида Ўзининг кимлиги ҳақида ёлғон гапира туриб, юксак ахлоқли устоз бўла олса. Йўқ. У ёлғончи эмас.

 (2) Кейингиси юмшоқроқ, лекин барибир ҳайратга соладиган вариант. У самимий бўлган, бироқ  Ўзини Ўзи янглиштирган. Бугунги кунда биз ўзини Худоман деб ўйлайдиганларни ақлдан озган жинни деб атаймиз. Агар Масиҳ шундай муҳим масалада янглишган бўлса, унда бу номни У учун ҳам қўлласак бўлар эди. Лекин Масиҳнинг ҳаётига қарасак, телбаларга хос ҳеч қандай ақли ноқислик ва бетайинликни кўрмаймиз. Аксинча, У қаттиқ қийноқ пайтида ҳам энг юксак даражада хотиржамлик билан Ўзини назорат қилганини кўрамиз.

 (3) Учинчи вариант эса Унинг Худоликка даъвогарлиги ҳақидаги гапларининг ҳаммаси – афсона. Шунчаки учинчи-тўртинчи асрларда иштиёқманд шогирдлари ҳатто Ўзи ҳам эшитиб қолса ҳайратда қоладиган сўзларни Унинг оғзидан чиқаришди. Агар У қайтиб қоладиган бўлса, гўёки буларнинг ҳаммасини сўзсиз рад этган бўларди.

Бу назарий мулоҳазанинг нотўғри эканлиги замонавий археологик тадқиқотлар орқали аниқ тасдиқланган. Масиҳнинг таржимаи ҳоли ҳақидаги тўрт китоб Унинг даврдошлари томонидан ёзилгани аниқ кўрсатилган.  Жон Ҳопкинс Университетида ишлаган, дунёга таниқли археолог Доктор Уильям Олбрайт Масиҳ ҳақидаги бирон бир Хушхабар китоби 70-инчи йилдан кейин ёзилган деб ўйлашга ҳеч бир сабаб йўқ, деб  айтган эди. Хушхабар шаклида ёзилиб, дунё бўйлаб тарқалган ва ўз таъсири билан самара кўрсатган Масиҳ ҳақидаги ёзувлар ҳеч қандай фактга асосланмаган бир афсона эканлигига ишониб бўлмайди.

Масалан, бизнинг замонимизда кимдир қачонлардир марҳум бўлиб кетган бирор киши, айтайлик, Жон Кеннеди ҳақида у ўзини Худоман деган, инсонларнинг гуноҳларини кечирган ва ўликлардан қайта тирилган деб таржимаи ҳол ёзса, бу қанчалик ақлга тўғри келмайдиган иш бўларди. Бундай ҳикоя шунчалик сохта бўлардики, ҳеч қачон ўз таъсирига эга бўлмасди, чунки ҳали ҳам Жон Кеннедининг ким бўлганини  биладиган одамлар кўп. Шундай экан, Хушхабарнинг илк нусхалари даврида афсона ҳақидаги назария ҳақиқат бўла олмасди.

 (4) Охирги вариант эса – Исо ҳақиқатни гапирган. Бир томондан қараганда, ҳар қандай одам ҳар қандай даъволар қилиши мумкин. Шу нуқтаи назардан фақат сўзларнинг ўзи унча кўп нарсани англатмайди. Фақат сўз орқали мен ҳам ўзимни Худоман дейишим мумкин, шунингдек, сиз ҳам, лекин энг муҳими буни исботлашимиз керак бўлади. Бундай ҳолда мени фош қилиш учун беш дақиқа ҳам вақт кетмайди. Сизни фош қилиш ҳам унча кўп вақт олмаса керак. Лекин носиралик Исога келсак, бу шунчалик оддий эмас. У Ўзининг даъвосини далиллар билан асослай олади. У шундай деган эди: “Агар Унинг ишларини қилаётган бўлсаму, сизлар Менга ишонмаётган бўлсангизлар, ақалли Менинг ишларимга ишонинглар. Отам Менда ва Мен Отамда эканимизни англаб, имонингизни комил қилинглар” (Юҳанно 10:38).

Исонинг ҳаётидан Далиллар Биринчидан, Унинг ахлоқи Унинг даъвосига мос келади. Жиннихоналардаги беморларнинг кўпчилиги мен илоҳийман деб даъво қиладилар. Лекин уларнинг хулқи буни инкор қилиб туради. Масиҳда эса бундай эмас. У – ягона, худди Худодек.  

Исо Масиҳ гуноҳсиз. Унинг ҳаёти шунчалик муқаддас эдики, У душманларига бемалол “Қайси бирингиз Мени бирон гуноҳ билан айблай оласиз?” (Юҳанно8:46) дея олган. Улар Ундан ва Унинг табиатидан бирон айб топишни шунчалик хоҳлашсаларда, тополмай, жим қолишарди.

Биз Исонинг васвасага солинганлиги ҳақида ўқиймиз, лекин У бирон гуноҳ қилиб тавба қилгани ҳақида ҳеч эшитмаймиз. У Ўз шогирдларини гуноҳлари учун тавба қилишга чақирса ҳам, Унинг Ўзи бирон гуноҳ учун тавба қилганини ҳеч қачон учратмаймиз. Чунки У ҳеч гуноҳ қилмасди.

Исода гуноҳга мойилликнинг йўқлиги жуда ҳайратланарли факт бўлиб, бу билан Унинг ҳаёти барча давр авлиё ва тасаввуфчиларнинг ҳаётига бутунлай тескаридир. Инсонлар Худога қанчалик кўп яқинлашганлари сари, ўз мағлубиятлари, бузуқлик ва камчаликларидан шунчалик кўп қийналишади. Инсон ёрқин нурга қанчалик яқинлашгани сари, тозаланиши кераклигини шунчалик кўпроқ англайди.

Яна шу нарса диққатга сазоворки, болалигиданоқ ҳамма одамларнинг гуноҳкор эканлиги ҳақида  таълим олган – Юҳанно, Павлус ва Бутрус ҳам Исонинг гуноҳсиз эканлига ҳақида айтади: “У ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, оғзидан бирон эгри сўз ҳам чиқмаган” (1-Бутрус 2:22).

Исога дўст бўлмаган Пилат “У нима ёмонлик қилган экан?” дея Уни айбсиз ҳисоблади (Матто 27:23). Исонинг ўлимига гувоҳ бўлган Римлик  юзбоши эса : ”Ҳақиқатан ҳам бу Худонинг Ўғли экан!” деган (Матто 27:5).

Иккинчидан, Масиҳ табиат кучлари устидан ҳокимиятга эга эканлигини кўрсатди.  Бу ҳам шу кучларнинг муаллифи бўлган ёлғиз Худога хос хусусият.

У Жалила кўлида шамол ва тўлқинлар билан қутирган тўфонни тинчитди. Қайиқда У билан бирга бўлганлар ваҳимага тушиб, бир-бирига: “Бу қанақа кишики, шамол ҳам, кўл ҳам Унга бўйсунса?” – дейишарди (Марк4:41). У яна сувни шаробга айлантирди, бешта нон ва иккита балиқ билан 5000 кишини тўйдирди, қайғуда қолган бева аёлнинг ёлғиз ўғлини, ва ҳасратда қолган отанинг қизини тирилтирди. У эски дўсти ўлган Лазарга: “Лазар, ташқарига чиқ!” деди ва уни ҳайратли тарзда тирилтирди. Энг эътиборлиси, Унинг душманлари бу мўъжизани рад этолмади. Бунинг учун Уни ўлдиришга ҳаракат қилишди. “Агар биз Уни Ўз эркига қўйиб берсак, ҳамма Унга ишониб кетади” (Юҳанно 11:48) дейишди улар.

Учинчидан, Исо касалликлар устидан Яратувчининг қудратини намойиш қилди. У шолни оёққа турғизди, кўрнинг кўзларини очди, соқовни гапиртирди. У кўплаб даволаб бўлмайдиган туғма касалликларга шифо берди. Энг ажойиб мўъжиза Юҳанно 9да ёзилган кўр одамнинг тузалишидир. Ўша кўр одам ўзига берилган иғвокорона саволларга жавоб беролмаган бўлсада, бироқ бу бошдан кечиргани унинг имон топиши учун етарли эди. “Мен шуни биламанки, мен кўр эдим, энди эса кўзларим кўряпти!”, деб жавоб берди у. Яқинлари унинг Шифоловчисини Худонинг Ўғли деб тан олмаётгани уни жуда ҳайрон қолдирди. “Туғма кўрнинг кўзларини биров очганлиги дунёда эшитилмаган гап” (Юҳанно 9:25,32). У учун бу нарса очиқ равшан эди.

Тўртинчидан, Исонинг илоҳийлигини тасдиқловчи энг ишончли исбот – бу Унинг ўликлардан қайта тирилиши. Ўз ҳаётида Исо Ўзининг ўлими ҳақида беш марта айтган. У яна Ўзининг қандай ўлдирилиши ва уч кундан кейин қайта тирилиб, шогирдларига зоҳир бўлиши ҳақида ҳам айтган.

Албатта бу тўғри ёки нотўғрилигини осонгина аниқлаш мумкин бўлган даъво эди. Бу содир бўлиши ёки бўлмаслиги ҳам мумкин эди.

Масиҳийлар ҳам, масиҳийликнинг душманлари ҳам Масиҳнинг қайта тирилишини шу имоннинг пойдевор тоши деб биладилар. Буюк ҳаворий Павлус шундай ёзади: “Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, у ҳолда бизнинг хабаримиз ҳам, сизнинг имонингиз ҳам беҳудадир” (1-Коринфликларга 15:14). Павлус ҳамма нарса Масиҳнинг жисмоний қайта тирилишига бутунлай боғлиқ эканлигини айтади. У қайта тирилган ёки тирилмаган бўлиши ҳам мумкин. Агар У қайта тирилган бўлса, бу инсоният тарихидаги энг ҳайратомуз воқеа ҳисобланади.

Агар Исо Худонинг Ўғли бўлса... Агар Масиҳ тирилган бўлса, биз Худонинг борлигини, Унинг қанақалигини  ва У билан қандай шахсий муносабат қила олишимиз мумкинлигини аниқ биламиз. Борлиқ ўз маъно ва мақсадига эга ва инсон тирик Худо билан мулоқот қила олади.

Бошқа томондан, агар Масиҳ тирилмаган бўлса, унда масиҳийлик шунчаки бир музей кўргазмасидан бошқа ҳеч нарса эмас. Унда на қадр, на реаллик бўларди. У ширин бир хаёл бўлсада, лекин  ҳеч қандай муҳокамага арзимасди. Унда шерларга қўшиқ айтиш учун бориб азобда ўлганлар, Эквадор ва Конгога Хушхабар олиб бориб жонларини берганлар шунчаки бечора ахмоқлар бўлишган бўларди.

Масиҳийликнинг душманлари асосан Масиҳнинг қайта тирилишига қарата тош отиб, буни рад этадилар, чунки айнан шу воқеа масаланинг энг ҳал қилувчи нуқтасидир. Британиялик ёш бир қонуншунос ҳам ўтган асрнинг 30-йилларида ўша тош отувчиларнинг бири бўлган. У Қайта Тирилишни шунчаки эртак ва уйдирма деб ишонарди. Бу масиҳийликнинг пойдевор тоши эканини билиб, у буни бир афсона сифатида бутун дунёга очиб ташлашга қарор қилди. У қонуншунос сифатида ўзининг ҳақлигини исботлаш учун далиллар топиш у учун чўт эмас деб ўйлади. Ва ўз навбатида, у бугунги қонун суди талабига мос келмайдиган ҳеч қандай далилларни ҳам тан олмоқчи эмас эди.

Бироқ Франк Моррис ўз тадқиқоти устида ишлаётганида, ажойиб нарса юз берди. Бу иш у ўйлаганчалик осон эмас эди. Натижада унинг “Тошни Ким Ағдарди?” номли китобининг биринчи боби “Дунёга Келишни Рад Этган Китоб” дея сарлавҳаланди. Бунда у барча далилларни ўрганиб чиқиб, Масиҳнинг жисмонан қайта тирилганлиги ҳақиқат эканлиги ва эндиликда у ўзининг олдинги фикрларига қарши эканлиги ҳақида ёзади.

Исонинг ўлими Исонинг ўлими хочга михлаш жазоси орқали амалга оширилган. Ҳукумат бу Унинг куфр қилгани учун деб айтган. Исо эса бу бизнинг гуноҳларимиз учун тўлов деган. Аёвсиз қийноқдан сўнг Исонинг қўл ва оёқларига мих қоқишган. У хочда қўл-оёқларига мих қоқилган ҳолда осилиб турар экан, нафаси сиқилиб аста-секин жон берган. Унинг ўлганлигига амин бўлиш учун биқинига найза ҳам санчиб кўришган.

Унинг танаси тахминан 45 килограмм келадиган ёпишқоқ хушбўй моддалар билан кафанланган ва У қояда ўйилган бир қабрга қўйилган. Қабр оғзига хавфсизликни сақлаш мақсадида ричаглар ёрдамида бир ярим-икки тонна келадиган харсангтош қўйишган. Чунки Исо ўлимидан уч кун кейин қайта тирилиши ҳақида айтган эди. Қабрни қўриқлаш учун яна тажрибали рим соқчиларини ҳам қўйиб, қабр тошига бу давлат мулки деган муҳр босиб қабрни қоровуллашган.

Шунга қарамасдан, уч кун ўтиб тана қабрдан йўқолган. Фақатгина тана шаклини сақлаган ҳолда бўш кафан қолган. Қабр оғзига қўйилган харсангтош эса қабрдан бироз узоқликда ағдарилган ҳолда топилган.

Исонинг қайта Тирилиши шунчаки уйдирмами? Бунга илк изоҳ – шогирдлари танани ўғирлашган! Матто 28:11-15да ёзилганларга кўра, олий руҳонийлар билан оқсоқоллар соқчилардан бу сирли воқеа ҳақида эшитиб қаттиқғазабланишганини биламиз. Улар соқчиларга пул бериб, “Шогирдлари кечаси келиб, биз ухлаб ётганимизда Уни ўғирлаб кетишди” деб айтишни буюрганлар. Бу шунчалик очиқ уйдирма эдики, ҳатто Матто уни рад этишга ҳам овора бўлиб ўтирмаган. Агар сиз “Кечаси ухлаб ётганимда қўшним келиб телевизоримни ўғирлаб кетди” десангиз, қайси бир судья сизга ишонади? Ухлаб ётганингизда атрофингизда нималар бўлаётганини қаердан биласиз? Бундай гувоҳликлар ҳар қандай судда кулгига сабаб бўлади, холос.

Шунингдек, бу психологик ва ахлоқий жиҳатдан ҳам мумкин эмас. Масиҳнинг танасини ўғирлаш шогирдларнинг табиатига бутунлай зиддир. Яъни улар бу ёлғонни атайлаб ташкил қилиб, минглаб одамларнинг умрига зомин бўлган ёвуз жиноятчилар бўлган бўларди. Ҳатто бир неча шогирдлар бу ўғирликни содир этиб, бошқаларга бу ҳақда ҳеч қачон айтмаслигини ҳам тасаввур қилиб бўлмайди.

Чунки ҳар бир шогирд ўз сўзлари ва имони учун қаттиқ қийноққа солинган ва ўлдирилган. Инсон ҳақиқат деб ўйлаган нарсаси учун, ҳатто аслида бу ёлғон бўлса ҳам, жон бериши мумкин, лекин ўзи ёлғонлигини била туриб бу нарса учун жон бермайди. Ҳеч бўлмаганда, ўлим тўшагида ҳар қандай инсон ҳақиқатни айтади. Мабодо шогирдлар танани ўғирлаган тақдирда ҳам, Масиҳнинг кейинги зоҳир бўлишларини қандай изоҳлашимиз мумкин?

Иккинчи тахмин – танани Яҳудий ёки Рим ҳукумати олган. Лекин нега? Уларнинг ўзлари қабрга соқчиларни қўйди-ку. Унда танани ўғирлаш уларга нега керак бўлиши мумкин? Шунингдек, шогирдлар Қуддусда Қайта Тирилиш ҳақида жар солиб юрганларида нега ҳукумат индамади?  Ахир дин пешволари жаҳлдан қутуриб, Исонинг тирилганлиги ҳақидаги хабар ёйилиб кетмаслиги учун қўлларидан келган барча чораларни ишга солдилар. Улар Бутрус, Юҳанно ва бошқа шогирдларни ушладилар, Исо ҳақида оғиз очмасликларини талаб қилиб уларга дўқ урдилар ва калтаклашга буюрдилар.

Лекин уларда бу муаммони ечиш учун жуда оддий чора мавжуд бўлган-ку. Агар уларда Масиҳнинг танаси бор бўлганида, Уни Қуддус кўчаларидан олиб ўтмас эдими?  Масиҳийликни бешикдалигидаёқ хамирдан қил суғургандай бирпасда бўғиб қўя қолган бўлишарди-ку. Лекин улар бундай қилмадилар, демак Масиҳнинг танаси уларда йўқ бўлган.

Яна бир кенг тарқалган назария – гўё ғам-қайғудан тўлиб тошган аёллар қоронғи саҳарда адашиб бошқа қабрга бориб қолганлар. Улар қабрнинг бўшлигидан ҳайратда қолиб, Масиҳ тирилган деган хаёлга боришган. Бу назария ҳам бундан олдингиси тушган кўйга тушади. Агар аёллар адашиб бошқа қабрга бориб қолган бўлсалар, нега унда олий руҳонийлару Масиҳнинг бошқа душманлари Исонинг қабрига бориб, мана тана, деб ҳаммага кўрсатишмади? Шунингдек, Бутрус билан Юҳаннонинг ҳам адашиб қолганликларини тасаввур қилиб бўлмайди, шундай бўлган тақдирда қабр эгаси ариматиялик Юсуф бу муаммони тезда ҳал қилган бўларди. Бундан ташқари, бу умумий эмас, балки хусусий қабристон бўлганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Унга яқин жойда эса адашиб бориб қолиш мумкин бўлган бошқа қабр бўлмаган.

Бўш қолган қабр ҳақида Исо шунчаки ҳушсиз ҳолда бўлган деб изоҳ берадиганлар ҳам бор. Бунга кўра Масиҳ ўлмаган. Уни ўлди деб нотўғри ўйлашган, лекин У чарчоқ, оғриқ ва кўп қон йўқотиши туфайли ҳушидан кетган. Сўнгра қабрнинг салқин ҳавоси Уни ҳушига келтирган. У қабрдан чиқиб, шогирдларининг ёнида пайдо бўлган ва улар Исони ўликлардан тирилди деб, хато ўйлай бошлашган.

Бу янги замонавий назария. Илк бора у ўн саккизинчи аср охирларида пайдо бўлган. Шуни эътиборга олиш керакки, қадимда масиҳийликка отилган тошлар орасида бунақаси бўлмаган. Исонинг ўлими ҳақидаги барча маълумот ва фактлар шубҳадан холи бўлган.

Лекин, келинг Масиҳни тирик, бироқ ҳушсиз ҳолда кўмилган деб тасаввур ҳам қилайлик. Уч кундан кейин У зах қабрда сувсиз, овқатсиз ёки ҳеч бир ғамхўрликсиз Ўзига келганлигига ишониш мумкинми? Кафанни ечишга, қабр оғзидаги харсангтошни суриб ағдаришга, Рим соқчиларидан қутулишга ва яна михланиб тешилган оёқларида километрлаб пиёда юришга У кучни қаердан олди? Бунақа фикр Қайта Тирилишнинг ўзидан ҳам кўра фантастикроқ.

Ҳатто Қайта Тирилишга ҳеч қанақасига ишонмайдиган немис танқидчиси Давид Штраусс бу бўлмағур фикрга қарши чиқиб, шундай деган эди:

Қабрдан эндигина ярим-жон бўлиб чиққан, ҳолсиз ва касал, ҳар турли тиббий ёрдамларга муҳтож  ва шунча азобларни бошидан кечирган Киши шогирдларида ўлим ва қабр устидан ғолиб, Ҳаёт Шаҳзодаси деган таассурот қолдира олиши мумкин эмас.

Ниҳоят, агар бу назария тўғри бўлса, унда Масиҳнинг Ўзи шундай қўпол ёлғон иштирокчиси бўлиб қолган бўларди. Шогирдлари Исонинг ўлгани ва қайта тирилганига ишонар ва буни тарғиб қилардилар. Исо эса уларни фош қилиш учун ҳеч нарса қилмади, аксинча уларни қўллаб-қувватлади.

Бўш қолган қабрни қониқарли ва етарли тарзда изоҳлайдиган ягона назария – бу Исо Масиҳ ўликлардан қайта тирилган.

Исо Масиҳнинг ҳаёти Сиз Учун қандай Аҳамиятга Эга? Исо Масиҳ Ўзининг илоҳийлигини исботлаган ҳолда ўликлардан тирилган бўлса, унда У бугун ҳам тирик. У фақатгина улуғланишни эмас, биз Уни таниб билишимизни ва ҳаётимизга киришни хоҳлайди. Исо шундай деган: “Мана, Мен эшик олдида туриб, тақиллатяпман. Кимда-ким овозимни эшитиб эшикни очса, Мен унинг ёнига кираман” (Ваҳий 3:20).

Карл Густав Юнг: “Бизнинг давримиздаги неврознинг маркази – бу бўшлиқ”- деган эди. Барчамиз ҳаётимиз мазмунли ва мақсадли бўлишини хоҳлаймиз. Масиҳ бизга У билан муносабат қуриш орқали келадиган янада мазмунли, янада фаровон ҳаёт тақдим этмоқчи. Унинг Ўзи шундай деган эди: “Мен уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман” (Юҳанно 10:10).

Чунки У бутун инсониятнинг гуноҳини Ўзига олиб, хочда жон берди ва ҳозир У бизга кечирим, ярашув ва У билан чинакам муносабат таклиф қиляпти.

Ҳозирнинг ўзида сиз Уни ҳаётингизга таклиф қилишингиз мумкин. Масалан бундай дейиш орқали: “Исо, менинг гуноҳларим учун хочда жон берганингга Сендан миннатдорман. Ўтинаман, менинг гуноҳларимни қонинг билан юв ва ҳозироқ ҳаётимга кириб кел. Мен билан муносабат ўрнатганинг учун Сенга раҳмат”.

 
Келинг, Исо Масиҳни дунёнинг бошқа динларидан ажратиб турадиган асосий фарқли жиҳатларини қисқача кўриб чиқамиз.

  1. Исо Масиҳ биз билан муносабатга киришади. Бирон кимса билан муносабат қилишда фақат сиз доим ташаббусни қўлга олган ҳолат ҳаётингизда ҳеч бўлганми? Бундай муносабат одамни чарчатади ва узоққа чўзилмайди ҳам. Лекин ҳақиқий дўстлар бир-бири билан мулоқотдан қувонадилар, бир-бири учун вақтларини ва кучларини аямайдилар. Инсон ўз Худосига етишиш учун ҳаракат қиладиган бошқа динлардан фарқли ўлароқ, Масиҳда Худонинг Ўзи одамларга яқин келади. Исо Масиҳ: “Мен уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман” деб, Ўзининг келиш сабаби ҳақида гапирган эди. У биз Унга ишониб абадий ҳаётга эга бўлишимиз учун келган.
  2. Исо Ўзининг Худо эканини таъкидлайди. Дунё  динларининг ҳеч бир намоёндаси ўзини Худоман, деб даъво қилмаган.
  3. Исо муқаддас ҳаёт кечирган ва яратган мўъжизалари - кўрнинг кўзларини очиши, кўлда қутурган бўронни тинчитиши, ўликларни тирилтириши, бир вақтнинг ўзида минглаб одамларнинг қорнини тўйғизиши билан Ўзининг илоҳийлигини намоён қилган. Дунё динлари намоёндалари ўзларининг доно мулоҳазалари билан танилган, лекин ҳеч бири Исо каби ўзларининг ажойиб мўъжизакор қудратларини кўрсатишмаган. Исо эса шундай дейди: “Менга ишонинглар. Мен Отамда ва Отам Менда ҳозирдир. Бордию бунга ҳам ишонмасангизлар, ақалла бажараётган ишларим орқали Менга ишонинглар” (Юҳанно 14:11).
  4. Кўплаб дунё динларига биноан одамлар ўз гуноҳлари учун ўзларини ўзлари жазолайдилар ёки ҳолдан тойдирувчи ўзини қурбон қиладиган диний маросимларни ўтказадилар. Исо эса бизга кечирим таклиф қилади. Чунки Худонинг Ўғли сифатида У бизнинг гуноҳларимиз учун тўлов тўлаган. “Биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир” (Римликларга 5:8). 
  5. Хочга михланганидан уч кун ўтиб Исо ўликлардан тирилди. Кўплаб динлар реинкарнация, яъни бошқа бир шаклда қайта-қайта туғилиш ҳақида гапиради. Исо ўлимидан олдин бир неча маротаба Ўзининг хочда ўлдирилиши ва ва учинчи куни тирилиши ҳақида айтган. Исо Ўзининг илоҳийлигини барчанинг кўз ўнгида исботлаб, ҳар қандай шубҳа ва гумонларга чек қўйишни хоҳлаган. Рим империяси бундан хабардор бўлган ва Исонинг қабри олдига одамларни яқинлаштирмаслик учун 11-14та соқчиларни қўйиб, қабр тепасига эса Римга тегишли бўлган муҳрни босиб қабрни қаттиққўриқлаганлар. Лекин барибир учинчи куни Исонинг танаси қабрдан йўқолган ва Исо тирик ҳолда 500дан ортиқ одамга кўринган. Дунёнинг ҳеч бир дини ўз намоёндасининг жисмонан қайта тирилгани ёки ҳеч бўлмаганда шу ҳақда гапиргани ҳақида айтолмайди.
Инжил хабари ўзига хос. У шунчаки шеърий, бир-бирига қовушмайдиган фикрлар йиғиндиси эмас. Инжил Худони ва бизнинг ҳаётимиз учун бўлган Унинг режасини бизга очиб беради. У инсоният тарихида даҳшатли нарса содир бўлиб, бу нарса оқибатида Худо билан инсон ўртасидаги муносабат бузилгани ҳақида хабар беради ва бу бузилган муносабатни қандай қилиб тиклаш кераклиги ҳамда бундан бизга қандай наф борлиги ҳақида тушунтиради.