Худо  ким... У билишимиз мумкин бўлган Зот.

Шундай салобатли ва тўла мукаммал коинотимизнинг ижодкори бўлган Худо биздан Уни билишимизни хоҳлайди. У бизга Ўзи ҳақида гапиради, лекин бу билан чегараланиб қолмайди ҳам. Биз Уни шахсан таниб-билишимиз учун У бизни Ўзи билан яқин муносабатга чақиради. Нафақат У ҳақда билишимиз, балки Уни шахсан таниб-билишимиз учун.

 “Доно ўз донолиги билан мақтанмасин, кучли ўз кучи билан мақтанмасин, ёки давлатманд ўз давлати билан мақтанмасин, балки у Мен унинг Худоси эканимни, ерда меҳр-шафқат, адолат ва одиллик яратувчи эканимни билиши ва фаҳмлаши билан мақтансин. Зеро фақат шу Менга маъқул”,  дейди Худованд. (Еремия 9:23,24)

Худо ким... У яқинлашишимиз мумкин бўлган Зот.

Худо биздан У билан суҳбатлашишимизни ва барча ғам-ташвишларимиз ҳақида Унга гапириб беришимизни хоҳлайди. Бунинг учун ғайритабиий ҳеч нарса қилишимиз керак эмас. Бунинг учун назокатли ва муқаддас бўлишимиз ёки илоҳий билимларга эга бўлишимиз ҳам керак эмас. Биз Унга мурожаат қилганимизда, У бизни севиб қабул қилади. Бу Унинг табиати.

 “Худовандга мурожаат қиладиган,

Чин қалбдан мурожаат қиладиган

Ҳар бир инсонга У яқиндир.” (Забур 144:18)

Худо  ким... У Яратувчи Зот.

Инсон нимаики яратмасин ёки ўйлаб топмасин, у аллақачон мавжуд бўлган материал ёки фикрдан фойдаланади. Худо биргина сўзи билан борлиқдаги нарсаларни яратиш қудратига эга. Нафақат галактика ва янги ҳаёт шаклларини яратиш қудратига эга, балки бугунги кун муаммоларига ҳам ечим Унда мавжуд. У бизнинг барча муаммоларимизни еча олади. У биздан Унинг куч-қудрати ҳақида билишимизни ва Унга бутунлай суянишимизни хоҳлайди. 

 “Раббимиз буюк, қуввати азимдир,

Донолигини эса ўлчаб бўлмайди”. (146:5)

 “...менга мадад қаердан келар экан?

Худованд еру осмонни яратган,

Ундан келар менга мадад”. (120:1,2)

Худо ким... У Кечирувчи Зот.

Биз гуноҳ қиламиз. Худога эмас, балки ўзимизга маъқул йўл билан иш тутамиз. У эса буни кўриб туради ва билади. Худо гуноҳни шунчаки кўриб турмайди, балки одамларни қилган гуноҳлари учун ҳукм қилади ва жазолайди. Лекин У билан муносабатни бошлаган онимизданоқ У бизни кечиради. Исо Масиҳ, Худонинг руҳий Ўғли хочдаги ўлими билан бизнинг гуноҳларимиз учун тўлов тўлади. У ўликлардан қайта тирилиб, бу кечиримни бизга таклиф қиляпти. Чунки Исо – Худонинг биз, гуноҳкор инсонлар учун тайёрлаган Қурбонлик Қўзиси.

Худо талаб қилган солиҳлик  - Исо Масиҳга ишонишдан иборатдир. Шу имонга эга бўлган ҳаммани Худо оқлайди. Чунки одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқ... Масиҳ биз учун қонини тўкканига ишонган кишининг гуноҳлари ювилсин, деб Худо Масиҳни қурбонликка бағишлади” (Римликларга 4:22,25).

Худо ким... У Ишонса Бўладиган Зот. Ўз ўй-фикрлари ва туйғуларини ўзгага билдирмоқчи бўлган инсон сингари  Худо ҳам Ўзи ҳақида бизга гапиради. Албатта Худо биздан фарқ қиладиган Зот ва У ҳамиша ҳақиқатни гапиради. Худонинг Ўзи ҳақидаги ёки биз ҳақимиздаги ҳамма айтганлари ишонарли маълумотлардир. Унинг айтган сўзлари – бизнинг туйғуларимиз, фикрларимиз ва сезгиларимиздан кўра ҳақиқийроқ. Унинг ҳар бир сўзи ҳақиқат. Унинг бизга берган ҳар бир ваъдасига тўла ишонч билан суянсак бўлади. Унинг ҳар бир айтган сўзи тўғри.

 “Каломинг очилиб қолганда зиё сочар,

Ғофилларга ақл-идрок берар.

Сенинг каломинг қадамларим учун чироқдир,

Йўлимга нур сочадиган ёруғликдир”. (Забур 118:130,105)

Худо ким... У ҳамма нарсага қодир Зот.


Ҳамма нарсада 100% тўғри бўлишни хоҳлайсизми? Худо шундай. Унинг донолиги чегараланмаган. У ўтган, ҳозирги ва келажакда бўладиган воқеа ва ҳолатларни билади. Биз Уни янгиликлардан воқиф қилиб туришимиз ёки қандай тўғри йўл тутиш кераклиги ҳақида Унга маслаҳат ҳам бериб туришимиз шарт эмас. Унинг Ўзи буларни билади, чунки У ҳамма нарсага қодир ва нияти пок. Биз Унга ишонганимизда, У ҳеч қачон хато қилиб бизга панд бермайди. Ҳар қандай замонда, ҳар қандай ҳолатда Унга бутунлай ишонсак бўлади.

 “Сенга умид боғлаган ҳеч ким шарманда бўлмас...”. (Забур 25:3)

 
Дин фалсафасида мавжуд бўлган Тўрт Кўр Киши ва Фил фалсафий баҳсли ҳикояси юзасидан мулоҳаза

Ҳар бир дин Худони ўзича ҳаққоний йўл билан тасвирлайди, деган фикрни олға сурувчи бир машҳур аналогия мавжуд. Дин профессорлари, айниқса, бу фалсафий аналогияни яхши кўрадилар, чунки у барча динларнинг Худони тасвирлаш йўлларини бир хилда “тўғри” деб  топиб, барча динларни тенглаштиради.

Мана ўша аналогия: тўртта кўр киши бир фил топиб олишибди. Улар ҳеч қачон филни кўрмаганликлари туфайли бу янги феноменни тушунишга ва тасаввур қилишга ҳаракат қилиб, уни пайпаслаб кўра бошлашибди. Бири унинг хартумини ушлаб, бу илон бўлса керак, деган хулосага келибди. Бошқаси эса унинг оёқларини ушлаб, уни дарахт деб тасаввур қилибди. Учинчиси унинг думини топиб, уни арқон дебди. Тўртинчи кўр киши эса филнинг ёнларини пайпаслаб кўриб, бу девордан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас, деган хулосага келибди.

Тўртала кўр ҳам тасвирлашга уринаётган нарса битта фил эди. Лекин уларнинг ҳар бири уни бутунлай бошқача йўл билан тасвирларди.

Кўпчилик буни дунё динларидаги ўхшашлик деб ҳисоблайди – улар битта нарсани бутунлай ҳар хил йўллар билан тасвирлайдилар.  Демак, кимдир шундай хулосага келиши мумкин: ҳеч бир динда ҳақиқат йўқ, лекин уларнинг барчасига муҳим асос сифатида қараш керак.

Бу кучли ва ўзига тортувчи тасаввур ва у гўёки ўзида қандайдир ҳақиқатни ушлаб тургандай кўринади.

Агар Худо чексиз, биз эса чегараланган бўлсак, унда ҳеч қайсимиз Унинг табиатини тўлиқлигича англай олмаслигимиз мантиқли, албатта. Лекин бу фалсафий аналогия орқали барча динлар одамларни Худога олиб боради, деган фикрга келиш мумкинми? Бундай хулосага келиш учун эса айрим ҳақиқатлардан кўз юмушга тўғри келади...

Биринчидан, бу ерда факт бор, яъни фил. Тўртала кўр ҳам тасвирлашга уринаётган нарса – бу фил, бошқа нарса эмас. Шу ўринда Худо ҳақида баъзи бир фактли саволлар туғилади. “Умуман Худо Ўзи мавжудми?” деган савол  “Абраам Линколн умуман Қўшма Штатлар Президенти бўлганми?” деган саволга ўхшайди. Агар шундай бўлса, кимдир бунга ишонса ҳам, ишонмаса ҳам, яна кимдир буни рад этса ҳам, бу нарса барибир ўзгармай ҳақиқатлигича қолаверади. Шундай экан, хоҳ у фил ҳақида бўлсин, хоҳ Худонинг табиати ҳақида, ҳамма фикрлар ҳам бир хилда тўғри бўлавермайди.

Иккинчидан, тўртала кўрнинг ҳам тасвирлашлари ҳақиқатан нотўғри. Бу – фил, девор ҳам, арқон ҳам, дарахт ҳам, илон ҳам эмас. Уларнинг фикрлари ҳақиқатда ва бир хилда нотўғри. Энг тўғриси, бу каби сохта фалсафий диний аналогия барча динлар нотўғри, ёлғон эканини кўрсатади. 

Учинчидан ва энг муҳими, бу фалсафий аналогия ҳеч қандай ўзгача бир очиқлик бермайди. Агар бу саҳнада кўра оладиган (кўра олиш қобилияти борлигини исботлай оладиган) бешинчи одам пайдо бўлганида ва у филни фил сифатида тасвирлаб берганида эди, унда бу нарса аналогияни бутунлай ўзгартириб юборган бўларди.

Тарихдаги барча диний сардорлардан ўзгача бўлган Исо Масиҳ ўзининг ўша “бешинчи одам”, Худонинг аниқ ва тўлиқ очиқлиги эканини исбот қилган. Исонинг мўъжизаларини кўрган ва сўзларини эшитганларнинг кўпчилиги Уни Ўзининг илоҳийлиги ҳақидаги гаплари учун айблаганлар. “Ана шу сўзи учун яҳудийлар Исони ўлдиришга яна кўпроқ ҳаракат қилишди. Чунки У дам олиш кунини бузибгина қолмай, балки Худони Отам деб, Ўзини Худога тенглаштирган эди”.1

Агар биз Худони қидириб топишни хоҳласак, бунга фақат Исога ишониш орқалигина эриша олишимизни У бизга айтади: “Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келган одам сира оч қолмас, Менга ишонган одам ҳеч қачон чанқамас”.2

Исонинг “бешинчи одам” сифатида қанчалик ишончли эканини текширмоқчисиз?  Шунчаки Кўр-Кўрона Имон Эмас  мақоласига қаранг.

(1) Юҳанно 5:18
(2) Юҳанно 6:35